Bosh konsulxona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Istanbul shahridagi Bosh Konsulxonasi

“Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси маркази” номли фотокўргазма Истанбул шаҳрида бўлиб ўтди.



Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Истанбул Бош консулхонаси, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси маркази” номли фотокўргазма ташкил этди.

Тадбирда Бош консул А.Агзамходжаев, IRCICA бош директори профессор М.Э.Килич, Истанбул ҳокими ўринбосари О.Бозкурт, “Демирорен Ахборот Агентлиги” бош директори Ж.Коркут, “Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлиги жамияти” раҳбари Ч.Кочар, Истанбул шаҳри диний бошқармаси ходимлари, “Нақшбандия” тариқати вакиллари, Туркия олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар ва бошқа меҳмонлар иштирок этдилар (жами 100 га яқин киши).

Бош консул А.Агзамходжаев ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан миллий-диний қадриятларимиз, тарихимиз, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларини миллий ва халқаро миқёсда тарғиб этишга, ислом цивилизациясини мамлакатимизда ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ислом дини тарқалган барча улкаларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берганлиги, Ўрта Осиёда, айниқса, ҳозирги Ўзбекистонда юксак маданият ва тараққиёт юзага келиб, улардан кўплаб олимлар етишиб чиққанлигини етказди.

Бундан ташқари, барча меҳмонларга Ўзбекистонда зиёрат туризми йўналишида ҳукумат томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар батафсил тушунтирилиб, бу каби фотокўргазмалар билан чекланиб қолмасдан, Ўзбекистондаги тарихий обидалар ва ҳақиқий санъат асарларини жонли равишда кўришни тавсия қилди.

IRCICA бош директори М.Э.Килич ўзбек ва турк тилларидаги нутқида Ўзбекистоннинг ислом маданияти ривожида тутган ўрни, тарихда бу улка нафақат ислом дини, балки барча соҳалар тараққиётида цивилизациялар чорраҳаларидан бири ҳисобланганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистонда етишиб чиққан Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Муин Насафий, Абу Мансур Мотуридий, Боҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавийлар каби кўплаб олимлар томонидан фиқҳ, калом, тафсир, ҳадисшунослик, тасаввуф каби диний илмлар шакллана бошлагани таъкидланди.

Нафақат ислом илми, балки дунёвий илмларга асос солган Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби кўплаб олимлар ўз илмий кашфиётлари билан Европада Ренессанс ҳодисасининг вужудга келишига замин яратдилар. Шу тариқа Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган Туркий халқлар заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар, мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлар.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази масъул ходими У.Махмудов йиғилганларга марказ раҳбари Ш.Миноваровнинг мурожаат мактубини ўқиб эшиттирди.

Хатда Мовароуннаҳрда хаттотлик, ёзув, шаҳарсозлик ва ўзига хос янги исломий меъморчилик маданияти вужудга келиб, тараққий эта бошлаганлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшохлар ва Темурийлар даврида Ислом меъморчилигининг шох асарлари бунёд этилганлиги ва кўплаб масжид ва мадрасаларга асос солинганлиги таъкидланди.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси тамаддунига қўшган ҳиссаси замонавий фото-суратлар орқали томошабинга намойиш этилди. Намойиш этилган ҳар бир асар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир якунида Бош консулхона ташаббуси билан “Ўзбекистон маданияти ва бирдамлиги ва ҳамкорлиги жамияти” томонидан ўзбек миллий таомлари меҳмонларга тақдим этилди.