Bosh konsulxona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Istanbul shahridagi Bosh Konsulxonasi

Янги Ўзбекистоннинг тасвирий ва амалий санъати


Учинчи Ренессансни ўз олдига катта мақсад қилиб қўйган Янги Ўзбекистонда миллий тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш масаласига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ажралмас қисми сифатида қараляпти. Давлат раҳбари ва ҳукуматнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасига бундай эътибори натижасида халқаро жамоатчиликка юртимизнинг миллий бадиий бойликларини ҳамда рассом, ижодкорларининг ижод намуналарини, замонавий тасвирий ва амалий санъатда эришилаётган ютуқларни мавжуд ранг-баранглиги билан кўрсатишга кенг имконият берадиган ўзига хос тизим шаклланди.

Соҳадаги давлат сиёсати Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам  аниқ ўз аксини топган. Янги тарихий босқичда Тараққиёт стратегиясига V - Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналиши қўшилди. Унинг 75-мақсадида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш, атоқли Ўзбекистон халқ рассомлари ва амалий санъати усталарининг ибратли ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштириш, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби вазифалар белгилаб қўйилди.

Тегишли вазифалар ижросини таъминлаш, маданият ва санъат, илм-фан соҳалари атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш ва улар фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистон халқ рассомлари – Муҳиддин Раҳимов таваллудининг 120 йиллиги, Ортиқ Файзуллаев таваллудининг 90 йиллиги муносиб нишонланди. Қозоғистон Республикаси пойтахти Астана шаҳрида Алишер Навоий, Наманган шаҳрида Усмон Носирнинг бронзадан ясалган ҳайкали ўрнатилди.

Юртимизда сўнгги уч йилда буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида 36 та ҳайкал, 38 та бюст, 5 та барельеф, 17 та монументал ёдгорлик ва бошқа асарлар яратилди. Шунингдек, бир гуруҳ фидойи ижодкорлар самарали фаолияти учун  давлат раҳбари томонидан фахрий унвон ва мукофотлар билан тақдирланди.

Мамлакатимиз рассомлари ва амалий санъат усталарининг халқаро анжуман ва кўргазмалар, фестиваль ва танловларда иштироки сезиларли даражада фаоллашди. Кейинги уч йилда истеъдодли рассомлар ва халқ усталари ижодини тарғиб этиш мақсадида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасида республика миқёсида 520 та, халқаро даражада 22 та кўргазма, 2 та халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ва пленэрлар ташкил этилди.

Бадиий академиянинг илмий ва бадиий салоҳиятини оширишда асосий ўрин тутган академиянинг ҳақиқий аъзолари сафи кенгайиши ҳам соҳага юксак эътиборнинг амалдаги тасдиғидир. 2023 йилда Ўзбекистон  Бадиий академияси Бошқарув кенгаши томонидан ўтказилган сайлов натижалари асосида 9 нафар ижодкор академиянинг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди, академиклар сони 43 нафарга етди.

Илк бора Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Art Gallery” аукцион уйи фаолияти йўлга қўйилди. Тошкент шаҳрида жойлашган аукцион уйи таркибида нашриёт-матбаа уйи, “Art appraisal center” санъат асарларини баҳолаш компанияси, “Art Gallery”  санъат галереяси ва санъат асарларини технологик экспертизадан ўтказувчи махсус лаборатория фаолият кўрсатмоқда. 2023 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи бор тасвирий ва амалий санъат асарлари аукциони муваффақиятли  ўтказилди.

Мамлакатимизнинг узоқ-яқин давлатлар билан дўстлик муносабатлари кун сайин ривожланиб, қардош халқлар билан бир вақтлар узилиб қолган алоқалар мустаҳкамланди. Яқин даврда Ўзбекистон ва Тожикистон рассомлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлса, Туркманистон рассомлар уюшмаси билан ҳам шундай меморандум имзолашга келишилди. Шунингдек, Бадиий академияга қарашли Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Эрон миллий музейи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Соҳага эътибор натижасида Бадиий академиянинг халқаро миқёсдаги нуфузи ортмоқда. Кейинги йилларда Корея Республикасининг Кемёнг университети президенти Син Ил Хи, Озарбайжон Миллий санъат музейи директори Чингиз Фарзалиев, Қозоғистон Республикаси Бадиий академияси жамоат фонди президенти, таниқли қозоқ рассоми Амандос Аканаев, Озарбайжон халқ рассоми Сакит Мамедов Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий аъзолигига қабул қилинди. Ўз навбатида,  Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нуридинов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, академик Камола Акилова Қозоғистон Бадиий академиясининг фахрий академиги унвонини олишди.

2023 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда Тошкентда туркий давлатлар рассомларининг кўргазмасини ўтказиш анъанага айланди. 

Соҳада яратилаётган муносиб шароитлар Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъати фестивали, Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси, Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ҳамда “Тошкент қувончлари” болалари расмлари биенналеси, Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми юқори даражада ўтказилишига хизмат қилмоқда. Ушбу санъат анжуманлари туфайли кўплаб истеъдодлар кашф этилди, замонавий тасвирий ва амалий санъат асарларини намойиш қилиш, бу борада халқаро тажриба алмашинувини кучайтириш учун кенг имкониятлар яратди. Улар Янги Ўзбекистонда соҳага кўрсатилаётган эътиборни халқаро миқёсда кенг миқёсда тарғиб қилишда, оммалаштиришда, турли мамлакатларнинг соҳа вакиллари, уста-ҳунармандлари ўзаро мулоқот ўрнатишида муҳим аҳамият касб этади. 2023 йилда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида хорижлик иштирокчилар учун “XV–XVII асрлар Марказий Осиё миниатюраси” китоби тақдимоти ўтказилди. Умуман, мазкур санъат ҳафталиклари доирасида соҳадаги нуфузли хорижий илмий муассасалар вакиллари иштирокида илмий-амалий анжуманлар ҳам ўтказилиб, унда санъат соҳасидаги жаҳоншумул аҳамиятга эга долзарб масалалар муҳокама этилмоқда, ечимлар изланмоқда.

Жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, соҳадаги ихтисослашган нуфузли халқаро таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Академия бадиий таълим йўналишида дунёнинг 20 га яқин давлати таълим даргоҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. МДҲ мамлакатларидан ташқари, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон, Туркия, Италия, Белгия каби давлатлар таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатувчи англашув меморандумлари имзоланди. Ўзбекистон талабалари мазкур меморандумлар асосида хорижда таълим олиш, ижодий алмашинув имкониятига эга бўлишди.

Бадиий таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлашга шарт-шароитлар яратиш учун 2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси таркибида бадиий таълим йўналишидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш Маркази ташкил қилинди. Бу билан тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда улар малакасини ошириш тизими янада такомиллаштирилди. Малака ошириш маркази, ўз навбатида, ҳалқаро алоқаларни йўлга қўймоқда. Бу борада Ҳиндистоннинг Жавоҳарлаъл Неру архитектура ва тасвирий санъат университети, Корея Республикасининг Кемёнг университети ҳузуридаги Тасвирий санъат коллежи билан ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Бадиий академия ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси ташкил қилинди. Устоз-шогирд анъанаси асосида истеъдодли ёш рассомлар, мутахассисларни тарбиялаб келаётган таниқли ижодкорлар ана шу Рассомлик маҳорат устахонасига бириктирилди. Соҳада иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендияси таъсис этилиб, 20212023 йиллар давомида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 21 нафар талаба ушбу стипендияга сазовор бўлди.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Ўзбекистонда тасвирий санъатга ихтисослашган мактаблар учун  бадиий таълим йўналишида биринчи марта мутахассислик фанларидан янги авлод ўқув адабиётлари чоп этила бошланди. 20222024 йилларда жами 19 та  янги миллий  ўқув адабиёти бадиий таълим муассасаларига етказиб берилди. 

Янги Ўзбекистонда ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, соҳа равнақига улкан ҳисса қўшган ижодкорлар меросини ёшларга чуқур ўргатиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, таваллуд саналарини кенг нишонлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев, Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон халқ рассоми Жоллибай Изентаев номи берилди. Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод сиймоси ва ижодий меросига эҳтиром рамзи сифатида ёш ижодкорлар ўртасида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари Республика ижодий танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда ҳам ўзининг бетакрор ижодий мероси, жўшқин ижтимоий фаолияти билан мамлакатимиз маданият ва санъатини ривожлантиришга, халқимизни руҳлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли тасвирий санъат намояндаларининг таваллуд саналари кенг нишонланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон халқ рассомлари - Ўрол Тансиқбоев ҳамда Искандар Икромов таваллудининг 120 йиллиги, Муборак Йўлдошев таваллудининг 90 йиллиги, ҳайкалтарош Жалолиддин Миртожиев таваллудининг 70 йиллиги, Ўзбекистон халқ рассоми, рангтасвирчи  Икром Баҳромов таваллудининг 90 йиллиги саналари нишонланмоқда, улар фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида бадиий-маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан эндиликда тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади. Жумладан, Марказий кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, жиҳозланади. Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади. Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш устахонаси ташкил этилади.

Бу каби саъй-ҳаракатлар Янги Ўзбекистонда тасвирий ва амалий санъат соҳасини қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг амалдаги ифодасидир.